Хитой иқтисодий дипломатияси
Ҳозирги жаҳон хўжалигида иқтисодий интеграциялашув, глобаллашув ва геоиқтисодий рақобат тобора чуқурлашаётган бир пайтда дунёнинг иккинчи йирик иқтисодиётига айланган Хитой Халқ Республикасининг иқтисодий дипломатияси халқаро муносабатларнинг энг муҳим ҳаракатлантирувчи кучларидан бирига айланди. Бундай шароитда Хитойнинг иқтисодий сиёсати воситалари, имкониятлари ва хатарларини илмий жиҳатдан тушуниш Ўзбекистон ва бутун Марказий Осиё учун миллий манфаатларни ҳимоя қилишнинг зарурий шартига айланмоқда. Иқтисодий дипломатия бугунги кунда нафақат савдо, инвестициялар, кредитлар, инфратузилма лойиҳалари ва интеграция жараёнлари орқали жаҳон миқёсида миллий иқтисодий манфаатларни илгари суришнинг сиёсий-дипломатик воситалари мажмуи, балки давлат қудратини мустаҳ-камлаш ҳамда миллий ишлаб чиқарувни ривожлантиришга қаратилган узоқ муддатли, пухта ўйланган стратегик сиёсатдир.
Мазкур монография Хитой иқтисодий дипломатиясини унинг назарий-методологик асослари, фалсафий-тарихий илдизлари, институционал механизмлари ва барча асосий йўналишлари бирлигида яхлит таҳлил қилувчи комплекс илмий-амалий тадқиқот бўлиб, у халқаро иқтисодиёт, халқаро муносабатлар, дипломатия ва минтақашунослик соҳаларидаги тадқиқот-чилар, профессор-ўқитувчилар, магистрант ҳамда докторантларга, шунингдек, ушбу мавзуга қизиқувчи барча китобхонларга мўлжалланган.
Ушбу монография орқали талабалар глобаллашув ва геоиқтисодий рақобат шароитида иқтисодий дипломатиянинг ўрни, унинг назарий ёндашувлари ва воситалари, Хитой иқтисодий “мўъжизаси”нинг омиллари, “Бир макон, бир йўл” ташаббуси, савдо, инвестиция, технологик ва “яшил” дипломатия йўналишлари, Хитой-Марказий Осиё ва Хитой-Ўзбекистон иқтисодий ҳамкорлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг роли ҳамда Хитой дипломатиясига билдирилаётган танқидий қарашлар ва хавфлар тўғрисида замонавий, манбаларга асосланган билимларни ўзлаштирадилар.



