ИЛМИЙ МАҚОЛА МАТНИНИНГ АСОСИЙ ҚИСМИНИ РАСМИЙЛАШТИРИШ ТАРТИБИ
Салоева Ҳилола Равшан қизи,
“Илм-фан ва инновацион ривожланиш” журнали бош муҳаррири,
Илмий мақола – бирор-бир мавзу доирасида олиб борилган илмий тадқиқот натижаларини ўз ичига олган илмий иш.
Илмий мақолада бирор-бир мавзу доирасида ўтказилган илмий тадқиқотнинг предмети, мавзуси, мақсади, долзарблиги, муаммонинг қўйилиши, тадқиқот методи ва методологияси, ишнинг илмий-амалий натижалари, уларнинг самарадорлиги ва ҳаққонийлиги, натижаларнинг қўлланиш соҳаси, муаллиф хулосалари, таклиф ва тавсиялари баён этилади.
Илмий мақола қуйидаги турларга бўлинади:
Илмий-амалий мақола. Бунда илмий-амалий (оригинал) тадқиқот натижалари келтирилади. Мақола ўтказилган тадқиқот босқичлари асосида ёзилиши керак. Шунингдек, илмий-амалий мақолада олиб борилган тадқиқотнинг батафсил мазмуни, илмий-амалий натижалар, уларнинг таҳлили, муаллиф тадқиқоти натижаларидан келиб чиқувчи хулоса ва таклифлар акс этади.
Илмий-назарий мақола. Бунда мавжуд адабиётлар негизида янги назарий тушунчалар, қоидалар, таклифлар ва тавсиялар ишлаб чиқилади.
Бу каби мақолалар:
– назариянинг ривожланиш таҳлили ва тафсилотлари;
– янги назарияни тақдим этиш;
– мавжуд назариянинг таҳлили (масалан, унинг камчиликларини кўриб чиқиш);
– бир қанча назарияларни солиштириш, бирининг иккинчиси олдидаги афзаллик жиҳатларини очиб беришга бағишланиши мумкин.
Бу каби мақолаларнинг тузилиши мазмунидан келиб чиқади.
Амалий маълумотлар назарий муаммонинг ечими учун зарур бўлган тақдирдагина мақолага киритилади.
Илмий-методик (услубий) мақолада:
– янги методик ёндашув;
– мавжуд метод (услуб) модификацияси (ўзгариши, такомиллашуви);
– илмдаги миқдорий ва таҳлилий йўналишлар муҳокама қилинади.
Методик мақола батафсил ёзилиши керак, зеро, унда келтирилган методика ўқувчи томонидан баҳоланади, бошқа методикалар билан солиштирилиб, афзаллик жиҳатлари аниқланади.
Адабиётлар таҳлили (шарҳи) – илгари чоп этилган тадқиқот натижаларининг таҳлили.
Бу каби мақолалар қуйидагиларни ўз ичига қамраб олиши керак:
– муаммонинг қўйилиши (унинг тавсифи ва таърифи);
– илгариги тадқиқотлар мазмуни;
– асосий хулосалар, адабиётлардаги мавжуд қарама-қаршиликлар;
– ушбу муаммони бартараф этиш бўйича таклифлар.
Мавзуга оид тадқиқот – жамиятдаги маълум бир ҳолат, жараён бўйича ҳисобот, олиб борилган тадқиқот.
Бу турдаги мақола қуйидаги жиҳатларни қамраб олади:
– аниқланган муаммонинг тавсифи;
– аниқланган муаммони ҳал этиш усулларини таҳлил қилиш;
– маълум бир соҳада тадқиқотларни олиб бориш заруриятини исботлаш;
– мавжуд назарий қийинчиликларни таҳлил қилиш.
Мавзуга оид тадқиқотлар муаллифлари тавсифларни батафсил келтириш жараёнида махфийликка риоя қилиш заруриятини эсдан чиқармасликлари лозим.
Халқаро илмий журналлар талабларига кўра, илмий мақолани расмийлаштиришда IMRAD стандартига риоя қилиш лозим.
IMRAD формати асосида ёзилган мақолалар дастлаб ХХ асрнинг охирида илмий журналлар саҳифаларида пайдо бўлди. Ҳозирги кунда ушбу формат кўпчилик илмий журналлар томонидан ихтиёрий равишда қабул қилинган универсал стандартга айланди. Оригинал тадқиқот натижалари асосида ёзилган илмий мақолаларни унификациялаш (бир хил кўринишга келтириш) тенденцияси 1972 йилда – Миллий Америка стандартлари институти (ANSI) IMRAD форматини барча журналларда фойдаланиш учун тасдиқлаган ва тавсия қилган пайтдан бошлаб кучайди. Замонавий илмий журналларнинг аксарияти ҳозирда мақолаларни расмийлаштиришда мазкур стандартга амал қилишни талаб этади.
IMRAD стандарти қуйидаги асосий бўлимлардан иборат: Кириш; Методлар (Материал ва методлар); Натижалар ва Мунозаралар (Introduction, Methods, Results and Discussion – IMRAD). Баъзан IMRAD қисқартмасига А ҳарфи қўшилади, бу Аннотация (Abstract)ни англатади ва АIMRAD деб номланади. Агар мақола назарий тадқиқотларга бағишланган бўлса, у ҳолда Methods (Методлар) бўлими Theoretical Basis (Назарий асослар) билан алмаштирилади.
IMRAD формати оддий мантиққа асосланади. Мақоланинг бўлимлари саволларга жавоблар топиш орқали шакллантирилади. Биринчи савол – тадқиқот қайси муаммога бағишланган? Жавоб Кириш қисмида бўлиши керак. Кейинги савол – муаммо қандай ўрганилган? Ушбу саволга Методлар бўлимида жавоб берилади. Асосий ихтиролар/кашфиётлар ёки тадқиқот натижалари қандай? Жавоб Натижалар бўлимида батафсил ёритилади. Натижалар нимани англатади? Жавоб Мунозара бўлимида акс этади (1-жадвал).
1-жадвал
IMRAD стандарти бўйича мақола тузилиши*
Introduction (Кириш) | Тадқиқот нима учун ўтказилди? Нима тадқиқ этилди ёки тадқиқотнинг мақсади қандай? Қандай гипотезалар текширилди? |
Methods (Методлар) | Тадқиқот қачон, қаерда ва қандай ўтказилди? Қандай материаллар қўлланилди? |
Results (Натижалар) | Қандай ечим топилди? Гипотеза тўғри текширилдими? |
and Discussion (Мунозара) | Мавзу ечими нимани англатади ва бу нима учун муҳим? Топилган ечим бошқа изланувчилар тадқиқотларига мос келадими ва қайси жиҳати билан фарқланади? Тадқиқотнинг келажакдаги истиқболлари қандай? |
*Манба: https://xn--e1aajagscdbhlf4c6a.xn--p1ai/struktura-nauchnoj-stati-6-primerov-pdf/
Бундан ташқари, илмий журналларда чоп этиладиган мақолаларни тайёрлаш ва расмийлаштириш бўйича Россия Федерацияси Фан ва олий таълим вазирлиги томонидан ҳам тавсиялар ишлаб чиқилган бўлиб, улар IMRAD стандартидан бироз фарқ қилади. Асосий фарқи – Хулоса қисмининг мавжудлиги (2-жадвал).
2-жадвал
Россия Федерацияси Фан ва олий таълим вазирлиги
томонидан ишлаб чиқилган илмий-амалий мақола структураси*
Кириш (Introduction) | Тадқиқот мавзусининг долзарблиги, тадқиқот мавзуси бўйича адабиётларни кўриб чиқиш, тадқиқот муаммосини шакллантириш, тадқиқот мақсади ва вазифаларини шакллантириш |
Методлар (Materials and Methods) | • Мақоланинг фақат матнидан фойдаланган ҳолда, уларнинг натижаларини такрорлаш имконини берадиган тажриба/кузатиш усуллари ва схемасини батафсил баён қилиш; • тажриба/кузатишлар ўтказиш учун материаллар, қурилмалар, жиҳозлар ва бошқа шартларни тавсифлаш |
Натижалар (Results) | Тадқиқот натижаларини тақдим этиш (матн, жадваллар, графиклар, диаграммалар, тенгламалар, фотосуратлар, чизмалар) |
Мунозара (Discussion) | Тадқиқот натижалари шарҳини ўз ичига олади, жумладан: • олинган натижаларнинг тадқиқот гипотезасига мувофиқлиги; • тадқиқот чекловлари ва натижаларини умумлаштириш; • амалиётда қўллаш бўйича таклифлар; • келгусидаги тадқиқот йўналишлари бўйича таклифлар |
Хулоса (Conclusion) | Мақола бўлимлари бўйича улардаги сўзларни айнан такрорламай, қисқача хулосалар берилади |
*Манба: https://xn--e1aajagscdbhlf4c6a.xn--p1ai/struktura-nauchnoj-stati-6-primerov-pdf/
“Илм-фан ва инновацион ривожланиш” илмий журналига 2018 йил июнь ойидан то 2022 йилга қадар юборилган мақолаларни ўрганиш ва таҳлил қилиш натижасида мақолалар структурасига қўйиладиган талаблар ишлаб чиқилди (журналнинг аввалги сонларига қаранг). Талабларда мақоланинг асосий қисми муаллифларга енгиллик яратиш мақсадида жадвал кўринишида бўлимларга бўлиб чиқилиб, батафсил изоҳи билан келтирилган (3-жадвал). Эслатиб ўтиш керакки, бу талаблар оригинал тадқиқотлар асосида ёзилган мақолалар учун (назарий эмас) ишлаб чиқилган.
3-жадвал
“Илм-фан ва инновацион ривожланиш” илмий журналига
юбориладиган мақолаларга қўйиладиган талабларда кўрсатилган илмий-амалий мақоланинг асосий қисми структураси*
Кириш | • Мавзунинг долзарблиги ва янгилигини асослаш; • мақолага қўйилган масалани ечишга бошқа муаллифлар қандай ёндашган, улар қайси усулларни қўллаган ва б. (адабиётлар таҳлили); • адабиётларни ўрганиш натижасида аниқланган ва ўрганилмаган муаммолар, бўшлиқлар тавсифи; • аниқланган муаммолар асосида тадқиқотнинг аниқ мақсади ва ечилиши лозим бўлган масалани асослаш |
Материал ва методлар | • Тадқиқот ва тажрибалар ким томонидан, қаерда ва қачон олиб борилган (батафсил мазмуни); • қўлланилган методлар, методология ва тадқиқот объектларини асослаш |
Тадқиқот натижалари | • Тадқиқот объектини тавсифловчи асосий кўрсаткичлар динамикаси таҳлили (мақолага қўйилган масалани ечишга асос бўладиган маълумотлар доирасида); • олинган илмий-амалий натижалар, уларнинг самарадорлиги ва ҳаққонийлиги таҳлили |
Тадқиқот натижалари таҳлили | • Муаллиф фактларни таҳлил қилади, ўз фикрини асослайди, қайсиларини маъқуллаб, қайсиларини инкор этишини айтиб ўтади ва фикрларини изоҳлайди; • тадқиқот давомида юзага келган, илм-фан доирасидаги тўсиқ ва муаммолар таҳлили; • турли методлар таҳлили, мазкур тадқиқот натижаларини бошқа тадқиқот натижалари билан солиштириш |
Хулосалар | Муаллиф тадқиқоти натижаларидан келиб чиқувчи хулоса ва таклифлар |
*Муаллиф томонидан ишланган.
Жадвалдан кўриниб турибдики, мазкур мақола структурасида Хулоса қисми мавжуд бўлиб, Россия Федерацияси Фан ва олий таълим вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган мақола структураси асосида ишлаб чиқилган ва такомиллаштирилган. Яъни бўлимларининг номлари ўзгартирилган ҳамда изоҳлари батафсилроқ берилган. Қуйида уларни бирма-бир кўриб чиқамиз.
Кириш бўлими. Мақоланинг Кириш қисмида муаллиф мавзунинг долзарблиги, янгилигини асослаб бериши лозим. Бунинг учун у айнан шу тадқиқот/мавзу доирасида бошқа тадқиқотчилар/олимлар томонидан олиб борилган илмий ишларни таҳлил қилиши, улар томонидан ёзилган адабиётлар, мақолаларни ўрганиб чиқиши ва шарҳлаши керак. Яъни бошқа муаллифлар мақолага қўйилган масаланинг ечимига қандай ёндашган, қайси усулларни қўллаган ва қайси жиҳатлар эътиборга олинган-у қайси бирлари эътибордан четда қолган – буларнинг барчасини Кириш қисмида акс эттириши керак.
Адабиётлар шарҳи давомида аниқланган ҳамда ўрганилмаган муаммо ва камчиликлар тавсифи келтирилади ҳамда муаллиф мавзу доирасида айнан шу муаммолар ечимини топганлиги, мавзу доирасида ўрганиб чиққанлигини ёзиб ўтади. Бу билан у мавзунинг долзарблиги ва янгилигини асослаб беради. Фақат адабиётларни шарҳлашда муаллиф адабиётлар сонини ошириб юбормасдан, 2-4 та асосий тадқиқотчининг илмий ишларини келтириши кифоядир.
Кириш қисмининг сўнггида муаллиф аниқланган муаммо асосида тадқиқотнинг аниқ мақсадини кўрсатиб, ечилиши лозим бўлган масалани асослайди.
Илмий мақолалар ҳар доим ҳам тадқиқотнинг якуний натижалари асосида ёзилмайди. Баъзан муаллифлар тадқиқотнинг биринчи қисми якунига келганда, натижаларни умумлаштириб, илмий мақола тарзида расмийлаштиради ва илмий нашрларга йўллайди. Бунда Кириш қисмида мавзунинг долзарблиги ва янгилиги асосланади ҳамда мавзунинг бир йўналиши – тадқиқотнинг бажарилган қисми натижалари таҳлил қилинади ва хулоса чиқарилади.
Асосийси – Кириш қисмида барчага маълум бўлган фактлар, далиллар ва маълумотларни келтирмаслик лозим. Бу мақола матнини сунъий равишда кўпайтириш саналади.
Материал ва методлар бўлими. Мақоланинг мазкур бўлимида тадқиқот давомида қўлланилган материал ва методлар келтирилади. Ўтказилган тадқиқотлар объекти, предмети, жойи ва вақти – қаерда ва қачон? – имкон қадар батафсил кўрсатилиши лозим.
Илмий тадқиқот олиб бораётган олимлар ёки диссертация иши доирасида тадқиқот ўтказаётган докторантлар, мустақил изланувчилар учун Материал ва методлар бўлимини ёзиш муаммо туғдирмайди. Улар маълумотлар базаларидан тўғри фойдалана оладилар, услубларни тўғри қўллашни биладилар. Фақатгина олиб борилган тадқиқот услубларини тўлиқ, батафсил ёритиш кифоя, токи бошқа тадқиқотчилар ушбу услубларни қўллаб, тадқиқотни тўлиқ такрорлай олишлари керак. Бу, айниқса, аниқ фанларда олиб бориладиган тадқиқотларга тегишли.
Тадқиқот давомида қўлланилган материаллар қаторида адабиётлар бўлса, уларга иқтибос келтирилади ва адабиётлар рўйхатида қайд этилади. Агар қўлланилган усуллар ва методлар барчага маълум – стандарт бўлса, унда улар санаб ўтилади, агар улар муаллиф томонидан ўзгартирилиб, такомиллаштирилган бўлса, бу ҳолат ҳам батафсил тавсифланади.
Агар илмий ишда кимёвий ёки биокимёвий усуллар қўлланилган бўлса, унда тажриба давомида қандай реактивлар ва бирикмалар ишлатилганлиги кўрсатиб ўтилиши керак (generic names). Бундан ташқари, реагентлар ва бирикмалар концентрацияси ҳам келтирилади. Янги ёки ностандарт бўлган бирикмаларнинг кимёвий номлари ва формулалари кўрсатилиши шарт. Тадқиқот давомида ишлатилган қурилма ва мосламалар (агар улар ностандарт бўлса ёки сотувда бўлмаса ва уларни муаллифнинг ўзи яратган бўлса) батафсил тасвирлаб берилади. Агар тадқиқот давомида қурилма ва мосламалар сотиб олинган бўлса, қавсларда ишлаб чиқарувчининг номи ва модели кўрсатилиши лозим. Кимёвий реактивларнинг савдо номларини тўғридан-тўғри ишлатиш мумкин, аммо тавсия этилмайди. Кимёвий бирикмалар учун халқаро ва кенг тарқалган номлардан фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Тадқиқот ўтказиш давомида қандай хавфлар мавжудлиги ҳам қайд этилиши керак.
Агар тадқиқот биология билан боғлиқ бўлса, унда ўсимликлар, ҳайвонлар, вируслар ва микроорганизмларнинг турларини синчковлик билан аниқлаш ва халқаро номини келтириш лозим. Агар тадқиқотлар инсонлар устида олиб борилган бўлса, шу инсонларнинг розилиги ҳам талаб этилади ва мақола матнида келтирилади (informed consent).
Усуллар ва процедуралар, одатда, хронологик тартибда тавсифланади. Математик ҳисоб-китобларни шу қадар аниқлик билан келтириш керакки, уларни осонгина қайта ишлаб чиқариш ва натижаларнинг тўғрилигини текшириш имкони бўлсин. Барча керакли маълумотлар, формулалар, тенгламаларни мақолага қўшиб, уларда қандай ўзгаришлар юз берганини тавсифлаш керак. Агар математик ўзгаришларнинг батафсил тавсифи жуда катта жойни эгалласа, уларни мақоланинг иловасида келтириш мумкин[1].
Тадқиқот натижалари бўлими. Ушбу бўлим мақоланинг асосий бўлими бўлиб, унда тадқиқот давомида олинган илмий-амалий (назарий ёки экспериментал) натижалар келтирилади, уларнинг самарадорлиги ва ҳаққонийлиги таҳлил қилинади. Одатда, тадқиқот давомида олинган натижалар ҳажм жиҳатдан кўплиги учун жадвал, график, чизма ва диаграмма кўринишида келтирилади. Бу, ўз навбатида, маълумотларнинг коммуникатив эффекти (таъсири, тушуниш даражаси)ни кучайтиради ва ўқувчи томонидан қабул қилинишини осонлаштиради.
Бундан ташқари, тадқиқот натижалари бўлимида расмлар ва фотосуратлар келтирилади. Уларни расмийлаштириш тартиби журнал талабларида батафсил берилган (журналнинг аввалги сонларига қаранг). Фотосуратлар тагига изоҳи ёзилиб, матнда батафсил тавсиф келтирилади. Расмларга эса қисқача шарҳлар, таққослашлар, статистик маълумотлар ёзилади. Яъни тадқиқот объектини тавсифловчи асосий кўрсаткичлар динамикаси таҳлил қилинади, таҳлил мақолада қўйилган масалани ечишга асос бўладиган маълумотлар доирасида бажарилади.
Натижалар бўлимида, шунингдек, математик ҳисоблашлар, тенглама ва формулалар ҳам келтирилади.
Тадқиқот давомида олинган натижалар фактлар билан келтирилиши, аниқ, лўнда ва тушунарли – академик услубда ёзилиши даркор.
Тадқиқот натижалари таҳлили бўлими. Мазкур бўлимда муаллиф тадқиқот давомида олинган натижа ва фактларни таҳлил қилади, ўз фикрини асослайди, қайсиларини маъқуллаб, қайсиларини инкор этишини айтиб ўтади ва фикрларини изоҳлайди. Шунингдек, тадқиқот давомида юзага келган, илм-фан доирасидаги тўсиқ ва муаммолар ҳам таҳлил қилинади.
Ушбу бўлим IMRAD формати асосида ёзилган илмий мақолаларда “Discussion” – “Мунозара” (муҳокама) деб юритилади ва бу бежизга эмас. Мақоланинг бу қисми энг мураккаб саналади ва кўпинча муаллифлар томонидан четлаб ўтилади. Натижалар бўлимида далиллар ва фактлар келтирилса, мунозара бўлимида муаллифнинг фикрлари, ғоялари, тадқиқот давомида дуч келган муаммолар муҳокама қилинади. Мазкур бўлим кўпроқ назарий, умумлаштирувчи ва умумий муаммога оид, бевосита амалиёт билан боғлиқ бўлиши лозим, чунки унда олинган натижаларнинг аҳамияти ва уларни амалда қўллаш муҳокама қилинади.
Тадқиқот натижалари таҳлили бўлимида илмий ишнинг мақсади ва вазифалари устида қисқача тўхталиб, асосий натижалар санаб ўтилади. Бироқ олинган натижалар кутилганидек бўлмаслиги, яъни салбий бўлиши мумкин, бундан қатъи назар, муаллиф бунинг сабабларини тушунтириши, изоҳлаб бериши, дуч келинган муаммоларни санаб ўтиши керак. Назарий мақолаларда эса кўриб чиқилаётган гипотеза ёки методология рад этилиши мумкин. Бунинг сабаби ҳам илмий мақолада ўз аксини топиши лозим. Ёйинки, муаллиф томонидан олиб борилаётган тадқиқот бошқа тадқиқотчиларнинг натижалари билан номувофиқликда ҳам бўлиши мумкин. Бу ҳам муаллиф томонидан изоҳлар билан тушунтирилади, исбот ва далиллар келтирилади.
Агар тадқиқотда кўзланган мақсад амалга оширилмаган бўлса, бунга сабаб бўлган тўсиқлар, ғовлар (сунъий ёки табиий) санаб ўтилади. Белгиланган вазифалар бажарилган ёки бажарилмаганлигига аниқлик киритилади. Яъни натижалар умумлаштирилади, амалиётда қўлланилишига тавсиялар берилади, келгуси тадқиқотлар учун йўналишлар таклиф қилинади. Ушбу тадқиқотга кўра, қайси муаммоларни кўпроқ ўрганиш керак, қайси саволлар очиқ қолдирилди – санаб ўтилади ва муҳокамага қўйилади – муаллиф ўз фикри, танқидлари, гумон ва фаразларини айтиб ўтади.
Англашиляптики, тадқиқотни ўтказиб, натижа олиш билан кифояланмасдан, асосий фикрларни баён этиш ҳам муҳим саналади. Ушбу вазифа эса илмий мақоланинг “Тадқиқот натижалари таҳлили” бўлимида амалга оширилади. Бироқ амалиётдан маълумки, айнан ушбу бўлим муаллифлар томонидан ёзилмасдан қолдирилади. Бу эса улар томонидан тақдим этилаётган мақолаларнинг нуфузли маҳаллий ва хорижий илмий журнал таҳририятлари томонидан қабул қилинмасдан рад этилишининг асосий сабабидир.
Хулосалар бўлими. Бу бўлимда тадқиқот давомида эришилган натижалардан келиб чиқувчи хулоса ва таклифлар муаллиф томонидан умумлаштирилади ҳамда керакли тавсиялар берилади.
Хулосалар бўлимида нафақат илмий тадқиқот, балки илмий мақолага ҳам хулоса ясалади.
Бундан ташқари, мақола сўнггида:
1) тадқиқот натижалари қайси ташкилот, муассаса ёки корхоналарда қўлланилиши мумкинлиги тўғрисида тавсиялар;
2) лойиҳа, грантлар ҳақида маълумотлар;
3) тадқиқот ўтказишга ёрдам берган шахслар ёки уни молиялаштирган ташкилот (корхона, муассаса)ларга миннатдорчилик;
4) муаллифнинг умумий якуний хулосавий фикрлари ҳам келтирилади.
Эслатиб ўтиш керакки, илмий мақоланинг асосий қисми, бўлимлари ва уларни расмийлаштириш тартиблари илмий мақола турларига қараб фарқланади. Илмий мақолаларнинг аксарияти оригинал тадқиқотлар асосида ёзилган илмий-амалий мақолалар бўлганлиги учун уларни расмийлаштириш тартиби батафсил ёритилди. Илмий-назарий, илмий-методик (услубий) мақолалар, адабиётлар шарҳи ва мавзуга оид тадқиқотлар матнини расмийлаштиришда бироз фарқ мавжуд бўлиб, улар ҳақида мазкур мақоланинг иккинчи қисмида маълумот бериб ўтилади.
[1] Илмий мақола матнини тайёрлаш талаблари. Наманган давлат университети – Илмий тадқиқот ва илмий педагогик кадрлар тайёрлаш бўлими.