Толасимон массанинг колосникли панжара билан ўзаро таъсирини моделлаштириш ва ундан ифлос аралашмаларни ажратиб олиш

Сулаймонов Рустам Шенникович
тех.ф.д., катта илмий ходим

Аннотация. Республикада йилдан-йилга «С-6524», «Султон», «Ан-Боявут-2», «Наманган-77»,
«Омад» ва бошқа қийин тозаланувчан селекцион навли пахталарнинг тайёрланиш ва машина ёрдамида
териб олиш ҳажми ортиб бормоқда. 2018 йилда уларнинг ҳажми умумий тайёрланган пахта ҳажмининг
80% ни ташкил этди. Машина ёрдамида терилган пахтанинг ифлослик даражаси қўл билан терилган
пахтанинг ифлослик даражасига қараганда 10-15% га юқори бўлади. Чигит қобиқли тола, эзилган чигит
ва чигалли тола жинлаш жараёнида юзага келади ва тола таркибидан уларни фақат пахтани жинлашда ажратиш мумкин. Тола сифатини ошириш мақсадида 80 йилнинг ўрталарида жиннинг ўзида толани
тозалаш учун жинга алоҳида икки донадан колосниклар ўрнатилади. Лекин алоҳида колосникларни жин
ёндорига маҳкамланиш конструкциясидаги камчиликлари оқибатида арра тишлари билан колосниклар
тиғи оралиғининг талаб этилган катталикда ўрнатиш имкониятининг йўқлиги тола таркибидан улюк
ва ифлос аралашмаларнинг ажралишини камайтирди, чиқиндининг толадорлигини кўпайтирди. АҚШ,
Хитой, Ҳиндистон ва бошқа пахтачилик соҳаси ривожланган давлатлардаги жинлар конструкциясида
толани тозалаш секцияси қўлланилмайди. Ушбу давлатларда тола аэродинамик ва конденсор типдаги
тола тозалагичларда тозаланади. Бунда тола тараш усулида чуқур тозаланганлиги учун чиқиндининг
толадорлиги ортади ва, ўз навбатида, навлар бўйича ишлаб чиқарилаётган тола миқдори камаяди. Тола
сифати ва жаҳон бозоридаги рақобатбардошлигини ошириш ва чиқиндига ажралаётган тола миқдорини
камайтириш бугунги куннинг долзарб вазифасидир. Буни амалга оширишда толани тозалаш учун янги
конструкцияли колосникли панжарага эга бўлган такомиллаштирилган аррали жин яратилди. Колосникли панжара билан толали материалнинг ўзаро таъсирида толали материал массасининг ўзгариши назарий томондан ўрганилди.
Таянч тушунчалар: толали материал тозалагич, аррали жин, аррали цилиндр, тола, тезлик, босим,
зичлик, ифлослик, тозалаш самарадорлиги, сифат.