Бурханов Актам Усманович
и.ф.д., «Молия ва солиқлар» кафедраси профессори,
Тошкент давлат иқтисодиёт университети
Аннотация. Хўжалик юритувчи субъектлар давлатнинг ялпи ички маҳсулотини яратишда
қўшилган қиймат ҳосил қилганлиги боис, уларнинг молиявий хавфсизлиги мамлакатни барқарор ривожлантириш учун муҳим омиллардан саналади. Бундан ташқари, йирик тадбиркорлик субъектлари давлат бюджети ва маҳаллий бюджетлар даромадларини шакллантиришда сезиларли таъсир қилувчи солиқ
тўловчилар ҳисобланади. Шу сабабли, хўжалик юритувчи субъектлар молиявий хавфсизлигини баҳолаш
ва уни таъминлаш давлатнинг иқтисодий хавфсизлиги тизимининг энг муҳим вазифаларидан биридир.
Жаҳон амалиётида хўжалик юритувчи субъектлар молиявий хавфсизлигига нисбатан ягона ёндашув мавжуд эмас ва уни баҳолаш кўрсаткичлари ягона тизимга келтирилмаган. Тадбиркорлик субъектларининг
молиявий хавфсизлигини баҳолашда уларнинг хусусиятлари инобатга олинади ва турли мамлакатларда
ушбу кўрсаткичлар бир-биридан фарқ қилади. Бу эса, ўз навбатида, корхоналарнинг молиявий хавфсизлигини тўлиқ баҳолашда қийинчиликларни туғдиради. Мақолада Ўзбекистон Республикаси инвестиция
фондларининг хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда молиявий хавфсизлигини баҳолаш кўрсаткичлари тизимлаштирилган. Шунингдек, ушбу кўрсаткичлар асосида Ўзбекистонда фаолият юритаётган инвестиция фондининг молиявий хавфсизлик даражаси таҳлил қилинган ва молиявий хавфсизлигини таъминлашга
қаратилган илмий таклиф ва амалий тавсиялар ишлаб чиқилган.
Таянч тушунчалар: молиявий хавфсизлик, корхона молиявий хавфсизлиги, молиявий хавфсизлик индикаторлари, инвестиция фонди, дивидендли даромад, капитал.