Жорий йилнинг 13 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда Ўзбекистоннинг Сингапурдаги элчихонаси ўртасида видео-конференц алоқа орқали учрашув бўлиб ўтди. Унда инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Азимжон Назаров ва Ўзбекистоннинг Сингапурдаги элчиси Қаҳрамон Шакиров иштирок этди.

А.Назаров учрашув аввалида ҳозирги кунда Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан амалга оширилаётган ишлар бўйича маълумот берди. Ўз ўрнида, Қ.Шакиров Сингапурнинг илм-фан, технология ва инновациялар соҳасидаги ютуқлари, ушбу давлатнинг ҳамкорликда иш юритишнинг ўзига хос хусусиятлари ҳақида гапириб ўтди.

Учрашув давомида Инновацион ривожланиш вазирлиги билан Сингапурнинг тегишли ташкилот ва идоралари билан қатор соҳаларда ҳамкорликни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди. Хусусан, Сингапур Республикаси Савдо ва саноат вазирлиги билан яқин ҳамкорлик ўрнатиш, Сингапурнинг фан, технология ва тадқиқотлар агентлиги (Agency for Sience, Technology and Research (A*STAR)) билан қўшма тадқиқот лойиҳаларини ишлаб чиқиш, инновацион тадқиқотлар ҳамда илмий-техникавий ва истиқболли лойиҳаларни амалиётга жорий этиш масаласи кўтарилди.