
КАРАНТИНДАН УНУМЛИ ФОЙДАЛАНГАН ТАЛАБА!
“Карантинда очилган истеъдодлар” танловининг “фойдали карантин” номинацияси бўйича ғолибликни Фарғона вилояти, Политехника институтининг иқтисод йўналиши 2-босқич талабаси Мухсинова Шаҳризода қўлга киритди.
Белгиланган карантин дарвридан унумли фойдаланиш мақсадида кўп онлайн тадбирларга қатнашдим, дейди Шаҳризода. Жумладан, олийгоҳдан олган билимимни мустаҳкамлаш мақсадида иқтисодиёт, инглиз тили, математика фанларидан умумроссия онлайн олимпиадаларида қатнашиб, фахрли 1-ўринларни олдим. Шунингдек, мутаҳассислигим иқтисодиёт йўналиши бўлганлиги сабабли ушбу соҳада ҳам ўз тажрибаларимни оширишга ҳаракат қилдим. Натижада «рақамли иқтисодиёт» фанидан бир ҳафталик курсда ҳам қатнашишга муяссар бўлдим ва улар томонидан сертификат билан тақдирландим.

Ҳар бир эришган муваффақиятларимдан кучга тўлиб, янада ўз устимда кўпроқ меҳнат қилишга уриндим. Қозоғистон ҳамда Ҳиндистонда нашр этиладиган журналларга соҳам бўйича мақолалар ёзиб жўнатдим. Уларнинг саҳифаларида мақолаларимни кўриб, жуда қувондим. Ҳатто, сертификатларга эга бўлдим.
Бундан ташқари шохлар ўйини шахматга ҳам қизиқишим бўлакча. Юртимиз бўйлаб, ўтказилаётган «Уйда қол ва ғалаба қозон» шиори остидаги шахмат турнирида сентябрь саралаш босқичида фахрли 2-ўринни олишга муваффақ бўлиб, гранд финали учун йўлланмани қўлга киритдим.
Инсон ҳаракат қилар экан у ҳар бир қилган меҳнати учун турли ютуқларни қўлга кирита олади. Шу боис ҳам, ҳар бир танлов меҳнат ва интилишим натижасини кўрсатиб беради ва ушбу натижаларга қараб, интилишларимни давом эттираман. Ҳозирда Институтимизда онлайн дарслар йўлга қўйилган. Дарсларимиз тугагач, ўзим учун керакли бўладиган ҳамширалик тўгарагига қатнашиб турибман.
Келажакдаги режаларим жуда бисёр. Танлаган соҳамнинг етук мутахассиси бўлиш асосий орзуйим! Иқтисодиёт йўналишида Ватанимиз равнақига ўз ҳиссамни қўшишни истайман. Кўзлаган мақсадларимни амалга ошириш учун ҳозирдан тинимсиз меҳнат қилишга шайман.
Севара АБДУЛЛАЕВА ёзиб олди