
Жорий йилнинг 17 ноябрь куни Ўзбекистоннинг Малайзиядаги Элчихонаси кўмагида Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Азимжон Назаров ва Малайзия Фан, технологиялар ва инновациялар вазири ўринбосари Аҳмад Амзад бин Хошим ўртасида видеоконференция шаклида музокаралар бўлиб ўтди. Учрашувда Малайзиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Хенди Ассан ҳам иштирок этди.
Малайзия фан, технологиялар ва инновация вазири ўринбосари А. Хашим Куала-Лумпур Тошкентни Марказий Осиёдаги истиқболли шерик сифатида кўришини билдириб, Ўзбекистон билан савдо-иқтисодий, сармоявий, инновацион, таълим ва бошқа соҳаларда икки томонлама ҳамкорликнинг эришилган натижаларини мамнуният билан қарши олишини айтиб ўтди. У шунингдек илғор хорижий тажрибалар, жаҳон илм-фани, ишланмалари ва технологияларининг замонавий ютуқлари асосида иқтисодиёт ва ижтимоий соҳанинг барча соҳаларини жадал инновацион ривожлантириш бўйича Ўзбекистон ҳукумати томонидан амалга оширилаётган изчил чора-тадбирларни юқори баҳолади. Малайзия ҳукумати дунёда кузатилаётган глобаллашув шароитида тобора долзарб бўлиб келаётган технологик ва инновацион ривожлантиришга катта аҳамият бераётгани қайд этилди.
Малайзия Технологиялар парки ва Малайзиянинг Глобал инновация ва ижодиёт марказининг республикамиз технопарклари ва инновацион марказлари билан ҳамкорлигини ўрнатиш, шунингдек пандемиядан кейинги даврда Ўзбекистоннинг ёш ва истиқболли вакилларини Малайзияга бизнес соҳасида инновацион ғояларини такомиллаштириш учун юбориш орқали тажриба алмашишга келишилди.