
Ҳилола Салоева Равшан қизи,
“Илм-фан ва инновацион ривожланиш” журнали бош муҳаррири
Ёш олимлар, тадқиқотчи-докторантлар биринчи маротаба илмий мақола ёзишга киришганда, бир қатор қийинчиликларга дуч келишади. Авваламбор, жанр масаласи тушунарсиздек туюлади – илмий мақолани, унинг таркибий қисмларини тўғри расмийлаштиришда қийналишади. Ҳар бир журнал таҳририяти муаллифлардан илмий мақолага ўзлари томонидан ишлаб чиқилган талаблар бўйича мақола тақдим этишни сўрайди. Бироқ айрим ҳолларда мақола ушбу талабларга мослаб тайёрланган бўлса-да, қабул қилинмаслиги мумкин. Энди уни бошқа таҳририятга йўналтиришга тўғри келади. Ҳар бир таҳририятнинг ўзига яраша талаблари бор. Бу жараён чексиз давом этиши мумкин. Бироқ бунинг олдини олса бўлади. Биринчидан, ҳар қандай илмий мақоланинг илмий жамоатчилик томонидан умумқабул қилинган нормалари бор. Бу IMRAD стандарти. Бу нормалар асосида ишлаб чиқилган талаблар тўғрисида журналимизнинг олдинги сонларида батафсил маълумот берганмиз. Ушбу формат бўйича тайёрланган мақола мукаммал ва тўғри расмийлаштирилган ҳисобланади. Бироқ илмий тадқиқотни илмий мақола қолипига солиш билан иш тугалланган ҳисобланмайди. Яна бир бошқа масала ёш тадқиқотчи олдида туради. Бу – услуб масаласи.
Маълумки, илмий мақолалар илмий услуб қоидаларига таяниб ёзилади. Шунингдек, фанда академик услуб тушунчаси ҳам мавжуд. Бу икки услубнинг ўзаро фарқли жиҳатлари нимада, деган савол туғилади. Ушбу саволга жавоб бериш учун биз илмий мақола жанри ва унинг турларини яхши фарқлай олишимиз зарур.
Илмий мақола турлари
Эмпирик мақолада оригинал тадқиқот натижалари келтирилади. Бунда мақола матни ўтказилган тадқиқот босқичларига монанд бўлиши керак.
Назарий мақола. Бунда мавжуд адабиётлар негизида янги назарий тушунчалар, қоидалар, таклифлар ва тавсиялар ишлаб чиқилади.
Бу каби мақолалар:
– назариянинг ривожланиш таҳлили ва назарий конструкт (илмий таҳлил ва умумлашма)ларнинг тафсилотларига;
– янги назарияни тақдим этишга;
– мавжуд назариянинг таҳлилига (масалан, унинг камчиликларини кўриб чиқишга);
– бир қанча назарияларни солиштириш, бирининг иккинчиси олдидаги афзаллик жиҳатларини очиб беришга бағишланиши мумкин.
Бу каби мақолаларнинг тузилиши мазмунидан келиб чиқади.
Эмпирик маълумотлар назарий муаммо ечими учун зарур бўлган тақдирдагина мақолага киритилади.
Методологик мақолада:
– янги методологик ёндашув;
– мавжуд метод модификацияси;
– илмдаги миқдорий ва таҳлилий йўналишлар муҳокама қилинади.
Методологик мақола батафсил ёзилиши керак, зеро, унда келтирилган методология ўқувчи томонидан баҳоланади, бошқа методологиялар билан солиштирилиб, афзаллик жиҳатлари аниқланади.
Адабий таҳлил – илгари чоп этилган тадқиқот натижаларини тақдим этиш.
Бу каби мақолалар қуйидагиларни ўз ичига қамраб олиши керак:
– муаммонинг қўйилиши (унинг тавсифи ва таърифи);
– илгариги тадқиқотлар мазмуни;
– асосий хулосалар, адабиётлардаги мавжуд қарама-қаршиликлар;
– ушбу муаммони бартараф этиш бўйича таклифлар.
Мавзуга оид тадқиқот – жамиятдаги маълум бир ҳолат, жараён бўйича ҳисобот, олиб борилган тадқиқот.
Бу турдаги мақола қуйидаги жиҳатларни қамраб олиши мумкин:
– аниқланган муаммонинг тавсифи;
– аниқланган муаммони ҳал этиш усулларини таҳлил қилиш;
– маълум бир соҳада тадқиқотларни олиб бориш заруриятини исботлаш;
– мавжуд назарий қийинчиликларни таҳлил қилиш.
Юқорида келтириб ўтилган илмий мақола турларида академик услуб қўлланилади. Илмий-таҳлилий, илмий-оммабоп мақолаларни ёзишда эса илмий услуб қоидалари ишлатилади. Буни эслаб қолиш ва фарқлаш муҳим! Илмий-таҳлилий ва илмий-оммабоп мақолалар илмий журналларга тақдим этилмайди ва илмий тадқиқотларни қоғозга туширишда бу жанр туридан фойдаланилмайди! Бу хатога аксарият муаллифлар йўл қўйишади. Илмий журналларга илмий-оммабоп мақолалар тақдим этишади ва бу каби мақолаларнинг рад этилиши сабабини тушунмай, эътироз билдиришади.
Эндиликда академик услуб масаласига тўхталиб ўтсак.
Академик услуб масаласи, илмий мақолада қўлланиладиган тил нормалари
Ахборотни академик услубда баён қилишдан кўзланадиган мақсад – илмий тадқиқот натижалари, илм-фанга оид маълумотлар ҳақида хабардор қилиш, уларни шарҳлаш, тушунтиришдан иборат бўлиб, нутқ шахссиз шаклда ифодаланади.
Академик услубда баён қилиш услубий жиҳатдан қуйидаги типик хусусиятлар билан ажралиб туради: семантик (маъновий) жиҳатдан олганда, аниқлик, сўзлаб бериш вақтида образлиликдан қочиш, яъни предмет ва объектга шарҳ берганда, уларни жонли, таъсирчан қилиб тасвирлашдан сақланиш, ҳис-туйғуларга ортиқча берилмаслик, предмет ҳақида тегишли маълумотларни баён қилиш вақтида объективлик (холислик, беғаразлик)ка асосланиш, талабчанлик ва бошқалар.
Академик услубда баён қилишнинг қуйидаги хусусиятлари (сифат белгилари) ажратиб кўрсатилади:
1) фикрларнинг мантиқий изчиллик асосида баён қилиниши;
2) предметга оид мулоҳазаларни баён қилиш вақтида матннинг айрим қисмлари ўртасидаги алоқадорликни таъминловчи тизимлиликка риоя этилиши;
3) фикрларни баён қилишда аниқликка интилиш, асосий атамаларни бир хил маънода қўллаш, мулоҳазаларнинг маънодорлигини таъминлаш ва айни вақтнинг ўзида баённинг қисқа (лўнда) бўлишига эришиш.
Фикрларни академик услубда баён қилишнинг асосий хусусиятлари жумласида фикрларнинг аниқлиги (тўғрилиги), мантиқий жиҳатдан тўғрилиги, объективлигини алоҳида ажратиб кўрсатиш мумкин. Таъкидламоқчимизки, айнан юқорида санаб ўтилган асосий хусусиятлар барча нутқ воситаларини бир тизимга бирлаштириб, функционал жиҳатдан фикрларни академик услубда баён қилишга имкон беради. Фикрларни академик услубда баён қилиш вақтида махсус илмий ва терминологик лексика (тилнинг сўз бойлиги, луғат таркиби) қўлланилади. Сўнгги вақтда бу соҳада халқаро миқёсда эътироф этилган илмий тушунчалар кўпроқ ишлатиляпти.
Мухтасар қилиб айтганда, фикрларни академик услубда баён қилиш жараёнининг негизида ётадиган устувор ғоя шундан иборатки, жараён давомида предмет ёки объектни ўрганиш ва уни изоҳлаш учун махсус илмий терминологиядан тўғри фойдаланиш керак, ёзма нутқ қатъий равишда мантиқий изчиллик асосида ифодаланиши лозим.
Илмий тушунчаларнинг мазмун-моҳиятини тўғри таърифлаш ва тавсифлаш, худди шунингдек, илмий ишланмаларнинг илмий аппаратини тўғри ва изчил очиб бериш каби лаёқатни тўлиқ намоён эта билиш пировард натижада ёзилган илмий иш (монография, диссертация, доклад, маъруза ёки мақола)нинг мазмун-моҳиятини тўғри англаб етишга катта таъсир қилади. Шу боисдан ҳам бўлажак илм-фан намояндалари, олимлар илмий саводхонликнинг юқорида айтиб ўтилган омилларига жиддий эътибор қаратишлари лозим.
«Илм-фан ва инновацион ривожланиш – Наука и инновационное развитие – Science and Innovative Development» илмий журнали, № 1, 2021 йил, (февраль).