ЯХШИ КАЙФИЯТ – БОЛАЛАРГА КЎМАК!

Хабарингиз бор, мамлакатимизда қизлар ўртасида технологияларга бағишланган «Technovation Challenge” халқаро танлови ўтказиб келинмоқда.

«Technovation Challenge» танловининг диққатга сазовор томони шундаки, у фақат қизлар ўртасида ўтказиладиган мусобақа саналади. Танловнинг шарти ён-атрофда содир бўлаётган муаммоларни бартараф этишда хизмат қиладиган иловалар яратишдир. Ушбу илова орқали муаммолар бартараф этилиб, дастурни кодлаш ва уни бозорга чиқариш учун компания яратишни кўзда тутади. Дастурнинг асосий мақсади – қизларга танқидий фикрлаш, тадбиркорлик ва дастурий қобилиятларни ривожлантириш, шунингдек муаммоларни аниқлаш, ечимларни ишлаб чиқиш ва синовдан ўтказиш, жамоада ишлаш ва турли аудитория билан мулоқот қилиш имконини беради.

“Mizash” ДИҚҚАТНИ ТОРТДИ

Жорий йилнинг январдан то май ойига қадар ўтказилган ушбу танловда жуда ҳам кўплаб ёш қизлар ўз иқтидорларини намоён этишди. Лекин айни дамда юртимизда ўрнатилган карантин ушбу танловнинг фаолиятига ҳам таъсир этмай қолмади. Бироқ технологияларнинг ёрдами туфайли онлайн равишда қизлар мобиль иловаларини ҳайъат аъзоларига тақдим қилишга эришдилар. Мазкур иловалар орасида аутизм болаларни қўллаб-қувватлашга бағишланган “Mizash” (араб тилидан олинган бўлиб “кайфият” деган маънони англатади) иловаси диққатимизни тортди. Шу тариқа Junior (10 ёшдан 14 ёшгача) қизларга менторлик қилган Муниса Исломова билан суҳбатлашишга ошиқдик.

ҒОЯНИНГ ТУҒИЛИШИ

Муҳаммад Хоразмий мактабида бир куни тадбир бўлганди. Ўша ерда Баҳодирова Мадина, Асқарова Оминахон, Умарова Кифоятхон каби шижоатли қизлар билан танишдим. Шу тариқа улар билан гуруҳ ташкиллаштириб, мазкур танловда иштирок этиш фикри туғилди. Табиийки, бирон бир ишга бел боғлашдан аввал унинг учини топиш лозим. Қандай муаммони ўртага ташласак? Унга қандай ечим топсак, дея ўйладик. Қизлар ҳар хил ғояларни ўртага ташлашди. Жуда кўп фикр ва қарашлар бўлди. Сўнг фикрларни жамлаб, аутизм касаллиги билан хасталанган болалар ҳақида илова тайёрлашга киришдик. Бу фикрни ўртага ташлаган бир қизимизнинг ён қўшниси ёшлигида шу касалликка чалинган экан ва жиддий парвариш ва эътибор бўлгани учун тузалиб кетган экан. Бу касаллик насл суриши билан ўта аянчли ҳисобланади. Афсуски, ҳозирда унинг фарзандида ҳам аутизм хасталиги кузатилмоқда. Бемор қиз эса гуруҳимизнинг аъзосини энг яқин дугонаси экан.

 

Аутизм қандай касаллик?

Аутизм (юунонча «аутос» – «ўзим» деган сўз) – бу руҳиятнинг ўзига хос ҳолати бўлиб, бемор ташқи олам, атрофдагилар билан мулоқот қилишни истамайди. У ёлғизликни ёқтиради. Яна бир хил хатти-ҳаракат ва сўзларни такрорлайди. Аутизм ташхисли бола ўз оламида яшайди. Фикрлаши бошқаларникига ўхшамайди. Уларнинг хатти-ҳаракатлари реал воқелик билан боғлиқ эмас. Аутизм кичик ёки ўсмир ёшдаги болаларда кузатиладиган касаллик саналади. Кўпинча уларда бепарволик кучли бўлади. Мисол учун бирор киши гапирганда, ҳаёли умуман бошқа жойда бўлиши мумкин. Ёки бўлмаса, қандайдир нарсага нисбатан қўрқув ҳисси кучли бўлади. Ҳаттоки, турган жойида қичқириб юборадиган даражада. Айнан шундай белгилар намоён бўлиши билан болага яхши эътибор берилса, у бутунлай соғайиб кетиши муқаррар.

Аутизмни жуда ҳам кўп даволаш усуллари мавжуд. Бизлар иловамиз орқали ABA (applied behaviour analysis) трампик усулидан фойдаланган ҳолда бемор болаларни ҳар хил ўйинлар ёрдамида чалғитиш ҳамда қизиқтириш билан касалликдан фориғ этишни кўзладик.

Юртимизда касаллик бўйича статистика мавжуд эмас

Аутизм бўйича Ўзбекистонда статистика қидиришга ҳаракат қилдик. Афсуски, ҳеч қандай маълумот топганимиз йўқ. Аутизмга чалинган болалар сони юртимизда маълум эмас. Ҳатто БМТ қидирув тизимларига ҳам мурожаат қилишга мажбур бўлдик. Натижада кординаторларимиз ҳам аниқ маълумотга эга эмасликларини билдирди. Бундай ҳолат бизнинг ишимизни бироз қийинлаштирди.

Илова қандай ишлайди?

“Mizash” илова билан танишганингизда, ҳар хил бўлимларга кўзингиз тушади. Дейлик, турли хил ўйинлар, тест синовлари ва викториналар алоҳида бўлимларга ажратилган. Иловамизнинг диққатга сазовар томони шундаки, тестларни айнан мактаб дарсликларидан фойдаланган ҳолда тайёрлаганмиз. Тест натижалари боланинг руҳиятига таъсир кўрсатмаслиги учун машҳур инсонларнинг сўзларидан кўчирмалар келтирганмиз. Табиийки, биз нафақат таълим орқали боланинг соғлом ўсишига таъсир ўтказамиз, балки уларни руҳлантирадиган маслаҳатлар ёрдамида касалликнинг исканжасидан чиқиб кетишларига ёрдам кўрсатамиз. Айнан аутизмдан жабр чекадиган болалар руҳий рағбатлантиришга муҳтож эканликларини унутмаслигимиз керак.

Иловадан нафақат аутизм билан касалланган болалар, балки барча бирдек фойдаланиши мумкин. Айни дамда ўқув масканларида кўп болалар онлайн таълим олмоқдалар. Бизнинг лойиҳамиздан фойдаланган ҳолда тест саволларини ечиб, билимларини кенгайтиришлари мумкин.

КАРАНТИН ВА ТАЛАЙ ЧЕКЛОВЛАР

Тўғриси, лойиҳани охирига етказиш жуда қийин кечди. Мен жамоамда ёлғиз ўзим ментор эдим. Шунингдек, бу соҳада биринчи бор иштирок этишим. Кординаторлардан ҳам жуда кўп маротаба ёрдам сўрашга мажбур бўлдим. Энг ёмони, тождор вируснинг асорати кўп ишларнинг белига тепмоқда. Юртимизда карантин ўрнатилди! Ҳамма уйда! Гуруҳим аъзоларида ҳам тушкун ҳолатлар кузатилди. Иложи борича, уларни руҳлантиришга ҳаракат қилдим ва кўзлаган мақсадимизни якунига етказишга чорладим.

 

Ўрнатилган карантин сабабли дастуримиз ҳали тўлиқ ниҳоясига етмади. Қувонарлиси шундаки, «Technovation Challenge» бош ташкилотчилари бизга иловага қайта ишлов бериш учун муддатни узайтириб беришди.

ИЛОВАНИНГ АФЗАЛЛИГИ

Иловада ота-оналар ва шифокорлар ўртасида ҳамкорликни ўрнатишни ҳам кўзлаганмиз. Масалан боланинг тест натижалари ҳамда пазллардан ясаган насраларини ота-оналари шифокорга жўнатиши мумкин. Шифокор боланинг аҳволидан ва унда кечаётган ўзгаришларга қараб, бошқача ўйинлар таклиф этиши мумкин. Ўйлайманки, айнан ушбу бўлим иловамизнинг энг керакли ва фойдали қисмидир.

Тўғри, дунё бўйича аутизм болаларга мўлжалланган иловалар бисёр. Лекин айнан ўзбек тилида ва ўзбек таълимидан (1 синфдон то 11 синфгача) ишланган тестлар ҳамда пазлли ўйинлар мавжуд эмас. Бу эса бизнинг ютуғимиз.

 

АУТИЗМ БОЛАЛАР— КЕЛАЖАК ЭГАЛАРИ

Аутизм болаларда бепарволик ва лоқайдлик аломатлари кузатилгани билан уларда бир нарсага кучли қизиқиш ҳисси юқори бўлади. Натижада улар бутун диққатини айнан бир томонган йўналтиради. Масалан, Стив Жобс (apple), Билл Гейтс (Microsoft), Эйнштейн (буюк олим) каби дунёга танилган машҳур инсонлар ҳам ёшлигида аутизм касаллигига учраган эканликларини аниқладик.

Биз айнан боланинг қалбида ёнган қизиқиш учқунини топиб, қобилиятини тест орқали аниқлаш, шу тариқа ривожлантиришни асосий мақсадимизга киритганмиз.

 

Севара АБДУЛЛАЕВА тайёрлади