
10 ноябрь куни Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда Elsevier компанияси вакиллари иштирокида онлайн семинар бўлиб ўтди. Тадбирда Инновацион ривожланиш вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъул ходимлари, Elsevier компанияси вакиллари, ССВ тасарруфидаги олий таълим муассасалари ректор ва проректорлари, илмий-тадқиқот марказлари директорлари ва уларнинг ўринбосарлари ва бошқалар иштирок этди.
Инновацион ривожланиш вазирлиги Elsevier компанияси билан имзолаган шартнома доирасида Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасарруфидаги тиббиёт ташкилотларида ClinicalKey платформасидан ташкилот IP адреси орқали чекловсиз фойдаланиш имконияти яратилди. Эндиликда тадқиқотчиларимиз, тиббиёт ходимлари 2021 йилнинг 1 мартигача тиббиёт соҳасидаги жаҳоннинг энг сўнгги тадқиқотлар натижаларидан Elsevier Clinicalkey платформаси орқали чекловсиз фойдаланишлари мумкин.
Семинарда мазкур платформанинг очилиши ҳақида тиббиёт ходимлари ва шу соҳада фаолият юритаётган тадқиқотчиларга маълумот берилди. ClinicalKey платформасидан ташкилот IP адреси орқали қандай фойдаланиш кераклиги бўйича тушунтириш ишлари олиб борилди.
Elsevier Clinicalkey платформаси даволаш ва диагностика стандартларини янгилаш, клиник протоколларни жорий этиш, далилларга асосланган тиббиёт тамойилларини амалиётга кенг жорий этиш, микрохирургия, робот хирургияси, нуклеар тиббиёт, тиббий генетика соҳаларида жаҳон тиббиётининг энг сўнгги ютуқлари тўғрисидаги маълумотларни ўзида жамлаган. Ушбу маълумотлардан эндиликда юртимиздаги тиббиёт соҳаси вакиллари ҳам фойдаланиш имкониятига эга бўлмоқда.
Таъкидлаб ўтиш жоизки, Elsevier компаниясининг ClinicalKey платформаси шифокорлар учун далилларга асосланган тиббий маълумотларни ўзида сақлаган жаҳон миқёсидаги етакчилардан бири ҳисобланади.