
Бутун дунёни ларзага солган коронавирус балоси менинг оиламни ҳам четлаб ўтмади… Вирус чанг солган кунлар ҳаётимдаги энг қўрқинчли ва даҳшатли дамларга айланган. Кунлар оқар сув каби тез ўтиб кетади, дейишади. Лекин вирус билан курашган 25 кун эса мен учун жуда узоқ давом этгандай туюлди. Қачон соғайишимни ва тезроқ оёққа туришимни интиқлик билан кутардим. Айниқса, яқинларимнинг соғлиғидан кўпроқ қайғурардим. Бугун бошимдан ўтган ўша таҳликали кунлар тўғрисида қисқача ёзишни жоиз, деб топдим.
Тўғриси, бошида коронавирус ҳақида тинимсиз тарқалаётган маълумотларга у даражада ишонмаган эдим. Айниқса, аям унинг борлигини рад этардилар. Хуллас, айнан касаллик авжига чиққан июль ойида коронавирусга чалиндик.
Ота-онам акамнинг оиласи билан бирга туришади. Июлнинг бошида акам ишдан холсиз қайтдилар. Биз акамда кузатилаётган қандли диабетнинг асорати сифатида аҳволига у даражада жиддий эътибор қаратмадик. Эртаси куни ота-онам ҳам кўрпа-тўшак қилиб, ётиб қолишди. Ҳар эҳтимолга қарши набираларини авайлаш мақсадида келинимизнинг ота-онасиникига жўнатишди. Фарзанд сифатида яқинларимнинг аҳволини эшитиб, уйда жим ўтиролмадим. Дарҳол вирус «исканжаси»га олган хонадонга ёрдамга келдим. Таниш-билишларни ишга солиб, шифокордан муолажа учун қўлланиладиган дори-дармонларни телефон орқали ёзиб олдим. Осма уколларни қилиш учун соатлаб, ҳамшира изладим… минг бор шукрки, фидойи ҳамшира ҳам топилди. Уйдагиларимни даволаниш жараёнларида мен ўзимни тетик тутишга ва уларни руҳан кайфиятини кўтаришга ҳаракат қилардим. Ўзимни жангда қатнашган аскардай ҳис қилардим. Бироқ орадан 2 кун ўтгач, менинг ҳам ҳароратим кўтарилди…
Уйдагиларим воҳимага тушишди. Чунки бетоб инсонларни парваришлаётган ягона одам мен эдим… вирус шу даражада ланж қилиб қўяр эканки, баданимиз худди сув сепгандай шилта терга ботарди. Дори-дармонлардан кейин бироз яхши бўлиб қолгандай, ўзимизни ҳис қилардик. Аянчли кунлар ортда қолди, дея қувонардик. Аммо эртаси куни яна ҳолсизлик… на гапиришга, на юришга, на телефонга жавоб беришга қувватимиз йўқ эди. Ҳол-аҳвол сўрайдиганларга ҳам жавоб беришдан қочардик. Ҳатто, телевизорга қараш ҳам ёқмасди. Бизга яқин турган қўшнилар эшик олдига овқат ҳам ташлаб кетишган пайтлари бўлди. Ҳолимиздан ташвишланган кўплаб инсонлар ўзларининг ҳаракати билан меҳр-оқибатини намоён этишди… Ниҳоят, даволаниш муолажаларини тугатдик. Энди яхши бўламиз деганимизда…
Муолажадан сўнг дадам ва акамнинг ҳарорати тинимсиз кўтарилаверарди… турли хил дорилар ёрдамида уни зўрға туширардик… шунингдек, қон босмининг ошиши ҳамда бош оғриғи дадамни тинимсиз қийнарди. Бир куни эрталаб, соат 6 да акам хонамга кирдилар: “менга ҳаво етишмаяпти” дедилар. Ўшанда қўрқувдан ўзимни ташлаб юбордим ва бир амаллаб ўзимни қўлга олиб, интернет орқали кўрган усулларимни қўллашга тушдим. Акамни ён томонлама ётқизиб, ёғоч чўп билан ўпка томонларига тинимсиз ура бошладим. Кейин эса уқалашга тушдим. Дадамнинг қадрдон дўсти касалликни даволашда “аппликатор” жўнатган эди. Шу тиканли матонинг ҳам хасталикни енгишимизда хизмати катта бўлди. Ҳар куни тинимсиз равишда уйдагиларимни ҳароратини ўлчардим, ярим оқшом ҳам бориб яна пешоналарини текшириб келишга одатландим. Тинимсиз суюқлик ичиришга ва тансиқ овқат беришга уринардим, ҳатто уларни мажбурлардим.
Кўп танишлар МСКТга тушишни маслаҳат беришди. У ҳам аксига олиб, фалон пул бўлиб кетганди. Аям саҳарлаб 4:30да текширувга навбат олиш учун чиқиб кетдилар… Бир аҳволда судралиб, текширувдан ҳам ўтиб келдик… Дадам ва акамда ўпка зарарланиши жуда юқори даражада эканлиги маълум бўлди. Хуллас, дадам билан акамни шифохонага ётқизишга қарор қилдик! Зудлик билан тез ёрдам чақиртирдик! Ўша куни тез ёрдам эмас, уйимизга бир фаришта мисоли инсон келди! У келгунча, «дада сизнинг аҳволингиз ёмон», «реанимацияга ётасиз», дея қўрқитиб қўйгандик.
Шифокор дадамнинг ҳолатини кўрдилар, 4 этаждан 1 этажга тушириб ҳаммамизни ўпкамизнинг ҳаво билан тўйинганлик даражаси (сатурациямизни)ни текширди. Шунда сизларни табриклайман! Сизлар тузалишни бошлабсизлар! Хуллас, ковидни енгдиларингиз! Биринчидан, ўпка зарарланиши юқори бўлган одам, 4-этаждан 1-этажга тушолмасди. Хансираб қолиши аниқ. Сизларнинг ҳолатингиз эса соғлом одамникидай! Ўша куни юзимизда қувонч югурди! Мен эса тезроқ фарзандларимни бориб, бағримга босгим келди…
Касал аҳволда ниқоб ва қўлқоп кийиб, дўконларга судралиб борганларимиз. Сотувчининг маҳсулотларни нечи кило оласизлар, деган оддий саволларига тентираб жавоб беролмаган пайтларимиз ҳам бўлди! Хуллас, ҳаммаси ортда қолди!
Касал бўлган пайтларимиз оммавий ахборот воситалари орқали COVID 19 вакцинаси бўйича маълумотни интиқлик билан кутар эдик. Касалликдан ҳимоя қиладиган воситани олимлар қачон яратар экан, дея қийналиб кетардим…
Минг бор шукрки, Инновацион ривожланиш вазирлигининг ташаббуси билан ZF-UZ-VAC2001 вакцинасининг клиник синовлари 2019 йил декабр ойидан йўлга қўйилди. Ўзим ҳам бу жараёнларни диққат билан кузатиб келмоқдаман. Вакцина барча кутилган натижаларни деярли оқламоқда, дейишим мумкин.
Хулоса ўрнида, айтишим мумкинки, касалликни бошдан ўтказгандан кўра, унинг олдини олган минг марта афзал! Негаки, кимда бу вирус қандай асорат кўрсатишини ҳеч ким олдиндан билмайди. Ўзингиз ва яқинларингизни сақланг!
Севара Абдуллаева журналист