16 ноябрь куни Инновацион ривожланиш вазирлигида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Муҳаммад Ал-Хоразмий номидаги халқаро мукофоти борасида пресс-брифинг ўтказилди. Унда Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 30 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг Муҳаммад Ал-Хоразмий номидаги халқаро мукофоти билан тақдирлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” қарори билан мамлакатимиз ва хорижда фаолият юритаётган математика соҳасидаги олимлар жамоасини кенг таништириш ва жамоатчиликка ушбу мукофот тақдирлаш тартиби ҳақида маълумотлар берилди.

Мукофот билан математика соҳасидаги фундаментал ва амалий илмий изланишлари натижаларига кўра амалиётдаги муайян муаммонинг ечимини таклиф этган олимлар, шу жумладан, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар якка тартибда тақдирланади. Мукофот билан тақдирлаш бир шахсга математика соҳасидаги бир ёки бир нечта ютуқлари учун амалга оширилиши мумкин.

Мукофот 2 йилда бир марта Президент томонидан Фан ва технологиялар бўйича республика кенгашининг (Кенгаш) таклифига кўра қуйидаги 3 йўналиш бўйича берилади:

фундаментал соҳадаги тадқиқот;

ёшлар ўртасидаги тадқиқот;

иқтисодиётнинг реал секторидаги муаммонинг ечимини таъминлаган тадқиқот.

Мукофот 50 минг АҚШ доллари Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчи сифатида Инновация Вазирлигига ажратиладиган маблағлар доирасида тақдим этилади. Мукофотга берилган маблағларни олимлар ёки олимлар жамоаси томонидан сарфланиши назорат қилинмайди.